01 Сентябрь 2019
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг байрам табриги

Азиз ҳамюртлар ва ҳамкасблар!

Сизларни халқимизнинг асрий орзуси бўлган, Ватанимизнинг неча минг йиллик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан чин юракдан муборакбод этаман!

Бугунги ва келгуси авлодлар учун мисли кўрилмаган ишларнинг амалга оширилишида жамиятимизни ривожлантиришдаги фидокорона меҳнатларингиз йўлида, омад хамиша ҳамроҳ бўлишини тилайман!

Бу йил юртимизда энг улуғ ва қутлуғ сана — Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинган куннинг 28 йиллиги кенг нишонланади. Бу кунда ўтган йиллар мобайнида эришган барча ютуқларимиздан қалбимизда ифтихор ҳиссини туямиз, хато ва камчиликларимизни яна бир бор сарҳисоб қилиб, уларни тўғирлаш учун янги куч, янги ғайрат ва шижоат билан Она Ватан хизматига тайёр эканлигимизни чин юракдан тан оламиз.

Юртимиз мустақил давлат сифатида тан олинганидан буён барча соҳалар қатори маданият соҳасида ҳам кўплаб ютуқларга эришдик. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида яшаб ижод қилаётган истеъдодларимизга ўз салоҳиятини нафақат республика миқёсидаги танловларда, балки халқаро майдонда намойиш этиш имкони кенгайди. Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилаётган танловлар, мусобақаларда қатнашиб, ўзбек санъатининг келажаги кимларнинг қўлида эканлигини намойиш этаётган ва фахрли ўринлар билан қайтаётган ёшларимиз — эришган ютуқларимизнинг яна бир исботи. Уларни ҳар қадамда қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.

Ўтган йиллар давомида юртимизда ўтказилган халқаро фестивалларда, шунингдек, бу йилги байрам арафасида ташкил қилинаётган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда санъатсевар ҳамюртларимиз, истеъдодли ёшларимиз фаол иштирок этишмоқда. Муҳтарам Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлаш борасидаги ишлардан асосий мақсад ҳам, нафақат уларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, балки китобхонликка эътиборни кучайтириш, ёшларнинг санъат ва маданиятга, спортга қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиз келажаги бўлган ёш истеъдодларга ўз салоҳиятини тўла намоён этишга кўмак беришдир.  

Байрам арафасида истиқлолни тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танлови ҳамда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида — она диёр”, “Ватан учун яшайлик!” каби анъанавий кўрик-танловларининг ўтказилиши юртимиз ёшларига берилаётган эътиборнинг яна бир намунаси бўлди.

Бугун юксак маданият ва тараққиёт сари интилаётган дунё мамлакатлари орасида мустақил Ўзбекистон ҳам борлигини ғурур билан айта оламиз. Барчангизга Она заминимиз учун садоқат билан олиб бораётган фаолиятингизда куч-қувват, ғайрат ва муваффақиятлар тилайман. Юртимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами — мустақиллик айёми барчангизга муборак бўлсин!

Сизларни Буюк ва бебаҳо неъмат – эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида нишонланадиган мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан  яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман!

 

Ўзбекистон Республикаси                                            Маданият вазири                                                     

Бахтиёр Сайфуллаев

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.10.2019 | 16:40