23 Август 2019
Талабалар учун иккита грант дастури

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси талабалар учун иккита грант дастурини эълон қилди.

Жамғарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.

Грант дастурларининг бири олий ўқув юртларида ўқиш учун мўлжалланган. Ушбу дастур икки йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Ўтган йили 9 нафар талаба ғолиб бўлган. Бу йилдан дастурга баъзи ўзгаришлар киритилди. Эндиликда дастурда Маданият вазирлигига қарашли таълим муассасаларидан бошқа олий ўқув юртлари талабалари ҳам иштирок эта олади. Лекин бакалавриат босқичининг биринчи курс талабалари ҳамда бошқа грант дастурлари ғолиблари танловда қатнаша олмайди. Грант ғолиблари бакалавр ёки магистр даражасини эгаллагандан сўнг бир йил давомида маданият ва санъат муассасаларида фаолият юритади.

Хорижий олий ўқув юртларида ўқишга йўналтирилган навбатдаги грант дастури 2019-2020 ўқув йили учун мўлжалланган. Ушбу дастур орқали талабалар чет эл олий ўқув юртларида магистрлик босқичида ўқиш имкониятини қўлга киритади. Қайси давлат олий таълим муассасасини танлаш ғолибнинг ихтиёрида. Танловда 30 ёшдан ошмаган номзодлар қатнаша олади. Ғолибларнинг чет элда таълим олиш, бориш-келиш, турар жой ва суғурта харажатлари жамғарма томонидан қопланади.

Ҳар икки дастур маданият ва санъат соҳасида менежмент, қайта тиклаш ва сақлаш, архитектура, маданий сайёҳлик, график дизайни, тасвирий санъат, музейшунослик таълим йўналишлари бўйича номзодларни саралайди.

 – Мазкур дастурлар мамлакатимиз маданий муҳитининг ривожланиши ҳақида чин маънода қайғурадиган, янги ғоя ва ташаббусларга бой йигит-қизларни аниқлаб беради, – дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Мадина Бадалова. – Экспертлар кенгаши номзодларни танлашда уларнинг ўз билим ва кўникмаларини юртимиз маданий муассасаларида қўллашга қай даражада тайёр эканлигига алоҳида эътибор қаратади.

Грант дастурларида иштирок этиш истагидаги талабалар жорий йил 15 сентябргача ариза топшириш керак. Буни жамғарма сайти орқали онлайн тарзда амалга ошириш имкони мавжуд.

 

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.09.2019 | 17:08