23 Август 2019
Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Кушон давлати хазинаси” номли кўргазма очилди

Жорий йилнинг 22-27 август кунлари Ўзбекистоннинг тўртта – Тошкент, Самарқанд, Термиз, Бухоро шаҳрида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” мавзусидаги маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтиши белгиланган эди. 

Маълумки, мазкур ҳафталик бугун Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси билан бошланди. Шунингдек, ҳафталик доирасида “Кушон давлати хазинаси” номли кўргазма ҳам очилди.

Унутилган Кушон

Буюк Кушон империясининг шаҳарлари гуллаб-яшнаб, Рим империясига ёки Хитой императорлари томонидан яратилган Хан давлатига тенг бўлган. Кушон ҳукмдорлари буддизмни қўллаб-қувватладилар. Шунинг учун будда ҳайкаллари бутун мамлакат бўйлаб қурилди. Аммо вақт ўтиб, бир вақтлар қудратли салтанат йўқ бўлиб кетди ва унутилди. Фақатгина қадимги тарихчилар солномаларидаги арзимас сатрларгина бу салтанатининг қадимги буюклигини эслатди. Кушон салтанати абадийликка ботиб кетгандай туюлди ва ҳеч ким уни ҳеч қачон эсламади. Бироқ, турли мамлакатлар археологлари бир вақтнинг ўзида кўплаб қадимий маданият ёдгорликларини кашф этди. Улар унутилган Кушон ҳукмдорлари, маданий ва савдо алоқалари ҳақида сўзлаб берди.

Халқаро олимларнинг кўпсонли илтимосига кўра, эрамизнинг I асри бошида Ўрта Осиё ҳудудида қад ростлаган жумбоқли, кам ўрганилган ва қачонлардир қудратли бўлган Кушон империясининг ноёб артефактларни мустақиллик йиллари давомида илк бор кўргазмага қўйилиши ҳам ўзига хос ишдир. 

Кўргазманинг эксклюзив, ўзига хос жиҳати – Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа шаҳри қазишмаларида топилган афсонавий “Далварзин хазинаси” намойиши бўлади. 1972 йилда Э.Ртвеладзе раҳбарлигидаги бир гуруҳ археологлар қазишмалар пайтида эрамизнинг I асрига тегишли 36 килограммга яқин оғирликдаги, ҳудуд тарихида энг йирик тилла буюмлар хазинасини топган. Ҳозирги кунгача мазкур ноёб хазина давлат жамғармаларида сақланган ва аввал кўргазмада сира намойиш этилмаганди.

Кўргазманинг энг камёб экспонатлари орасида – олтин пектораль (ёл), Гераклнинг тасвири туширилган гемма, кўкрак усти тилла безаклари, ҳайвон тасвирли тилла кўкрак нишони, эрамиздан аввалги III – IV асрда Шимолий Ҳиндистон ва Ўрта Осиё жануби (Бақтрия, Сўғдиёна)да кенг тарқалган ёзув битилган ноёб олтин чорқирра қайроқтош ва кўпгина бошқа буюмлар бор.

Ўзбекистоннинг турли музейларидаги Кушон даврига алоқадор экспонатлари биринчи марта ягона экспозицияда намойиш этилди.

Кўргазма доирасида “Кушон подшолиги хазиналари” китоб-альбоми ва шу номдаги ҳужжатли фильм тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.09.2019 | 17:08