23 Август 2019
Сирдарё театри ижодкорлари халқаро форумда

Жорий йилнинг 22 август куни “Халқаро инвестиция форуми” бўлиб ўтди. Бу кун вилоят тарихи солномасига зарҳал ҳарфлар билан абадий битилди. Маълумки, 2017 йилдан буён Сирдарё вилояти мусиқали драма театри таъмирланиш жараёнида эди. Айни пайтга келиб, ушбу жараён якуний босқичга келиб қолган. Ҳадемай, таъмирланган бинонинг янги кўриниши театр ижодкорларини гўё зеб бирилган келинчак мисоли қарши олади. Бугун ана шу келинчакнинг пардози битмай, юзидаги пардаси очилмаган ҳолда бўлса ҳам хорижий инвесторларни кутиб олди. Шундай бўлса ҳам унинг гўзаллиги кўзни қамаштирар эди. Анчадан буён томошабинини соғинган Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг томоша зали ташриф буюрувчилар билан тўлди. Унинг атрофи ҳам форум иштирокчилари-ю, сайилга чиққанлар билан гавжум. Ушбу форумга ҳамоҳанг тарзда вилоятда “Қовун сайли”, “Гул сайли”, ва “Қушлар сайли” ҳам бўлиб ўтди. 60 дан ортиқ хорижий мамлакатдан ташриф буюрган форум иштирокчилари ушбу тантанали сайллардан жуда мамнун эди. Ҳар бир туман учун ажратилган махсус саҳна майдончасида фольклор қўшиқлари, миллий рақс ва лапарлар, турли кўринишдаги томошалар меҳмонларни ҳайратда қолдирди.

Ушбу форумда Сирдарё театри ижодкорларидан ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари қаҳрамонлари Отабек ва Кумуш қиёфаси гавдалантирилди. Уни театрнинг ёш, умидли актёрлари Мурод Жўрабоев ва Барно Мирсаидовалар талқин этди. Иштирокчилар бу қаҳрамонларни кўриб, чин маънода хурсанд бўлиб, ўз тилларида тасаннолар айтиб олқишладилар.

Тадбир шаҳар бўйлаб кўтаринки руҳда, катта тантаналар билан кенг нишонланди. Сирдарёликлар хурсандчилигининг чеки йўқ эди. Гулистонда, нафақат Гулистон балки бутун мамлакатимиз бўйлаб шундай байрамона кайфият, хурсандчилик кунлари давом этмоқда. Ҳали олдинда, 25 август куни театр ижодкорлари томонидан вилоят ҳокимлиги вакиллари ва кенг зиёли қатлам учун Ч.Айтматов қаламига мансуб “Момо ер” спектаклининг намойиши кутилмоқда. Албатта, бундай оламшумул воқеага Сирдарё театри ижодкорлари ҳам ўзининг ҳиссасини қўшиш билан бирга иштирокчилар қалбидан жой олгани шубҳасиз.

 

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.09.2019 | 17:08