12 Август 2019
ЎЗБЕКИСТОН - КЕЛАЖАГИ БУЮК ДАВЛАТ

Ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, зафарлар, кундан-кунга чирой очиб бораётган Жонажон Ўзбекистонимиздаги шаҳар-у қишлоқларимиз қиёфасини кўриб истиқлолнинг ҳаётбахш нафасини янада теранроқ ҳис қиламиз. Чиндан ҳам бугун мамлакатимизнинг қай бир гўшасига боқманг, қайси соҳага назар ташламанг, тарихий ўзгариш ва янгиланишларнинг гувоҳи бўласиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Давлат мустақиллигини нишонлаш тўғрисидаги фармонига кўра барча жойларда бўлгани каби 12 август куни “Халқаро ёшлар” куни муносабати билан юрт равнақига бефарқ бўлмаган, бугунги кунда дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган бир қатор ташаббускор ва шижоатли Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходимлари С.Тўраева, Ж.Нурфайзиевлар томонидан Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида Термиз шаҳридаги Амударё болалар соғломлаштириш оромгоҳида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир чоғида ўсиб келаётган ёш авлодга мустақиллигимизнинг асосчиси бўлмиш биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг фаолияти ҳамда “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китобининг мазмуни, бугунги кундаги аҳамияти борасида тинчлик ҳеч нарсага сотилмайдиган ва ҳеч нарсага алмашмайдиган бебаҳо неъмат эканлиги борасида гапириб ўтилди.

Мамлакатимиз эришаётган бугунги ютуқлар, улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошиши, аввало, истиқлолнинг шарофатидандир, — дейди Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходими Ж.Нурфайзиев. Шунинг учун бу байрамни катта шодиёна ва тантана, ҳис-ҳаяжон билан кутиб олиш эзгу анъанага айланган. Юртимизнинг барча ҳудудларида мустақиллигимизнинг 28 йиллигини муносиб кутиб олиш учун жойларда истиқлолнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган қатор ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар давом этмоқда. Тадбирда мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида чуқур ислоҳотлар олиб борилаётгани, бу эса ўз навбатида фуқароларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ислоҳотлардан асосий мақсад — очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш, ривожланган демократик мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин олишдан иборат, — дейди Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходими С.Тўраева. Халқимиз манфаатини кўзлаган бу эзгу ғоя ўз-ўзидан амалга ошмайди, албатта. Бунинг учун ҳар биримиз мустақилликнинг қадрига етиб, уни мустаҳкамлаш йўлида фидойи бўлишимиз, қабул қилинаётган фармон, фармойиш, қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, ҳаётимиздаги аҳамияти тўғрисида тарғибот ишларини фуқаролар орасида чуқурроқ олиб боришимиз керак. Энг улуғ ва энг азиз байрам кунларида фахр-ифтихор билан айта оламизки, мустақиллик халқимиз учун ўзлигини намоён этиб, бар­қарор тараққиёт учун мустаҳкам замин яратди. Ҳар қандай тараққиётнинг туб замирида, аввало, улкан меҳнат, машаққат ётади. Хал­қимиз ўз иродаси, ақл-идрок ва салоҳияти билан юксак марраларни забт этган. Энг муҳими, бугун одамларимизнинг ҳаётга муносабати ва эртанги кунга бўлган ишончи бутунлай ўзгарди. Ватан тақдирига дахлдорлик туйғулари мустаҳкамланмоқда. Бугунги мураккаб замонда одамларнинг, айниқса, ёшларнинг онг-у шуурини эгаллаш учун ҳаракатлар бўлаётган бир пайт­да бу бизнинг энг катта муваффақиятимиз ҳисобланади. Ҳар биримиз буни чуқур англаб, огоҳ бўлиб, эртамизнинг бугундан-да саодатли бўлиши ва келажак авлод учун тун-у кун меҳнат қилишга ҳақлимиз.

Тадбир сўнгида болажонлар учун викторина саволлари, адабий кеча ва концерт дас­тури намойиш этилди.

 

Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти илмий ходимлари

Ж.Нурфайзиев, С.Тўраева

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.09.2019 | 17:08