10 Август 2019
Зурмалага саёҳат

Жорий йилнинг 7 август куни Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг археология бўлими илмий ходимлари томонидан Кушонлар даврига оид Термиз туманида жойлашган Зурмала ступасига экскурсия ташкил этилди. Кўп йиллик археологик тадқиқотлар асосида Сурхон воҳасида милоддан аввалги I ва милодий III асрларда ҳукмронлик қилган Кушон подшолигига оид 130 дан ортиқ ёдгорлик аниқланган. Зурмала минораси  1926 йилда археологларнинг эътиборини тортди. Бироқ, Зурмалани батафсил ўрганиш фақат 50 йилдан кейин амалга оширилди. Археологик тадқиқотлар натижасида Зурмала минораси харобасининг баландлиги 14,5 метргача бўлган. Асосан, тўғри тўртбурчак тархли (22х16м), цилиндрсимон минора шаклида хом ғиштдан қурилган, тепасига қубба–гумбаз ишланган оқиш оҳактош билан қопланган, асосида бўртма горелеф ҳайкаллар бўлган.      

Тоштахталар ҳамда тарашланган бўлак парчалари кўплаб топилишидан зурмала минорасини ташқаридан ҳам тош билан қопланган деб таҳмин қилинади.

Ступа (sanskritcha-чўққи) - асосан, думалоқ ёки тўртбурчак шаклда қурилиб, диний маросимларга мўлжалланган буддавий меъморий иншоот. Ступага ёдгорлик сифатида Будданинг муқаддас деб саналган аъзолари (сочи, тиши ва бошқалар) солинган қутичалар жойлаштирилган. Кушон подшоси Канишка I даврида Кушон подшолиги ўзининг иқтисодий ва маданий ривожланишида кўплаб ютуқларга эришади, буддизм осиёнинг кенг худудларига тарқала бошлади ва йўл бўйида ибодатхоналар қурилди. Термиз Марказий Осиёдаги энг катта буддизм маркази ҳисобланганлигини Эски Термиздан топилган буддизм ёдгорликлари ва Далварзинтепа олтинлари яққол тасвирлайди. Жорий йилнинг 22-27 август кунлари мамлакатимизда “Ўзбекистон – свилизация ва йўллар чорраҳаси: империялар, дин маданият” номли маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ушбу тадбирлар Ўзбекистоннинг тўртта шаҳри - Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқандда ўтиши белгиланган.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.10.2019 | 20:31