10 Август 2019
Қашқадарёда “Бизнинг театр” номли илмий-амалий семинар

Жорий йилнинг 9 август куни Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри ҳамда Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрларида 2018-2022 йилларда давлат театрлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора- тадбирлар режасининг 13-бандига мувофиқ  “БИЗНИНГ  ТЕАТР”  мавзусида илмий - амалий семинар бўлиб ўтди. Ушбу семинарни Қашқадарё вилояти Маданият бошқармаси бошлиғи С.Сайимов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида Театрларга кўрсатилаётган эътибор, театр санъатини ривожлантириш ва улар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган меъёрий ҳужжатлар ва уларнинг амалдаги ижроси хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Театр директори Ўткир Маҳматқулов “Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрнинг Республика ва халқаро фестиваллардаги иштироки масалалари” ҳамда Қашқадарё вилояти Қўғирчоқ театри директори Элбек Эшмуродов “Қўғирчоқ театрлари ва уларга яратилаётган шарт-шароитлар масалалари”да атрофлича тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, халқчил ва эркин мулоқот тарзида ташкил этилган семинарда филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов “Театрда драматургия масалалари”, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев “Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри: Ютуқ ва муаммолар”, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Баҳриддин Раҳмонов – олий тоифали вокал артисти “Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида устоз-шогирд анъаналари”, театр адабий-бадиий бўлим бошлиғи Ш.Худойназарова “Ўзбек театрларида репертуар масалалари”, Қўғирчоқ театри актёри Каромат Дилмонов “Қўғирчоқ театри ва болалар драматургияси”, Қўғирчоқ театри артисти Дилфуза Аъзамова “Қўғирчоқ театрларида ёш ижодкорлар ўрни ва уларга яратилаётган имкониятлар” ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этишди.

“Бизнинг театр” номли ушбу семинарда ҳар иккала театрнинг тарихи, устозлар хотираси, улар яратган бой театр анъаналари, театрларга яратилаётган кенг имкониятлар, ундаги ёшларнинг ўрни, турли халқаро ва Республика миқёсидаги фестиваллар ва уларда эришилаётган ютуқлар атрофлича таҳлил этилди.  

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 23.08.2019 | 00:58