10 Август 2019
“Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи

Бугун эрта тонгдан “Туркистон” санъат саройида “Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи бошланди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар танлови жорий йилда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ташкил этилди.

“Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови она заминга меҳр-муҳаббат, Ватанга садоқат, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта ҳаётни, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, шукроналикни тараннум этувчи янгидан янги куй ва қўшиқлар яратилишига кенг имконият бермоқда. Шунингдек, танловдан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган эзгу ғояни қалбларга жо этган ҳолда куй ва қўшиқлар орқали изҳор этиш, Ватан тақдири учун дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратишни рағбатлантириш ҳамда уларни эл-юртимизнинг маънавий мулкига айлантиришдек улуғ  мақсад кўзда тутилган.

Якуний босқичда Маданият вазирлигидан 10 нафар яккахон хонанда ҳамда “Келажак ниҳоллари” ашула ва рақс халқ ансамбли, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигидан “Гулдаста”, “Зиё садолари” вокал жамоалари, Мудофаа вазирлигидан 2 нафар яккахон хонанда, Ички ишлар вазирлигидан вазирлик қошидаги Маданият саройи қўшиқ ва рақс ансамбли, Миллий гвардиядан 3 нафар яккахон хонанда, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасидан 2 нафар яккахон хонандалар иштирок этиб, ўзаро беллашмоқдалар.

“Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танлови Низомига кўра танловнинг Республика босқичи ғолиблари энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақилликнинг 28 йиллиги арафасида эълон қилинади.

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.10.2019 | 19:36