09 Август 2019
“Гулора Раҳимова” номли бадиий-публицистик рисола тақдимоти

Жорий йилнинг 8 август куни Хоразм вилояти мусиқали драма театрида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – Бекач Беганчиева қаламига мансуб “Гулора Раҳимова” деб номланган бадиий-публицистик рисола тақдимоти бўлиб ўтди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги ва театр маъмурияти ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда ташриф буюрувчилар рисола тўғрисида тушунчага эга бўлиш билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гулорахоним Раҳимованинг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан танишишди.

Тадбир давомида театр жамоаси ва Гулора Раҳимова томонидан мусиқий-драмалардан парчалар намойиш этилди.

Шунингдек, тадбирда Хоразм вилояти Маданият бошқармаси бошлиғи Ш.Яхшибаев, театр директори Д.Ибрагимова, вилоят Ёзувчилар уюшмаси раиси Г.Ибодуллаева, УРДУ мусиқа кафедраси мудири Б.Рахимов, драматург Қ.Матризаевлар сўзга чиқиб, мазкур асар ҳамда Гулорахоним Раҳимова ижоди ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Сўзга чиққан бадиий-публицистик рисола муаллифи Бекач Беганчиева: - Санъатнинг энг юксак мақсади – инсон руҳиятини чуқур ўрганиб, унинг туб маъносини тушуниб етишдир. Гулорахонимга ўхшаган санъатда ўзлигини топган, чинакам истеъдодлар халқнинг умрбоқий дурдоналарини авлодлар қалбига, тафаккурига етказишда эзгулик кўприги бўлиб яшайдилар, дейди.

Кечанинг бадиий қисмида театрнинг ёш жамоаси устозларига ўз ижод намуналарини намойиш этдилар. 

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.10.2019 | 20:02