09 Август 2019
“Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилади

Жорий йилнинг 10 август куни “Туркистон” санъат саройида “Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар танлови жорий йилда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ташкил этилди.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида”ги 2009 йил 7 апрелдаги ПҚ-1091-сон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 28 июндаги ПҚ-3814-сон қарорлари асосида Маданият вазирлиги, Ички ишлар, Мудофаа,  Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳамда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси тизимида ташкил этилди.

 “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови она заминга меҳр-муҳаббат, Ватанга садоқат, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта ҳаётни, миллатларо дўстлик ва ҳамжиҳатлик, шукроналикни тараннум этувчи янгидан янги куй ва қўшиқлар яратилишига кенг имконият бермоқда. Шунингдек, танловдан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган эзгу ғояни қалбларга жо этган ҳолда куй ва қўшиқлар орқали изҳор этиш, Ватан тақдири учун дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратишни рағбатлантириш ҳамда уларни эл-юртимизнинг маънавий мулкига айлантиришдек улуғ  мақсад кўзда тутилган.

Йилдан йилга нуфузи ортиб, қамрови кенгайиб бораётган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловида бу йил Маданият вазирлигидан (1624  нафар),

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан (420 нафар),

Ички ишлар вазирлигидан (65 нафар),

Мудофаа вазирлигидан (48 нафардан ортиқ),

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасидан (15 нафар) жами 2182 нафардан зиёд иштирокчилар қатнашди.

Ҳар бир тизимнинг республика саралаш босқичида муваффақиятга эришган танлов иштирокчилари Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра якуний босқичда қатнашиш имкониятини қўлга киритдилар.

Якуний босқичда Маданият вазирлигидан 10 нафар яккахон хонанда ҳамда “Келажак ниҳоллари” ашула ва рақс халқ ансамбли, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигидан “Гулдаста”, “Зиё садолари” вокал жамоалари, Мудофаа вазирлигидан 2 нафар яккахон хонанда, Ички ишлар вазирлигидан вазирлик қошидаги Маданият саройи қўшиқ ва рақс ансамбли, Миллий гвардиядан 3 нафар яккахон хонанда, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасидан 2 нафар яккахон хонандалар иштирок этиб, ўзаро беллашадилар.

Улар томонидан ижро этилган асарларнинг мусиқасини, шеър матни савиясини, ижро маҳоратини, танлаган либослари ҳамда саҳна маданиятини нуфузли Ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб борадилар.

“Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танлови Низомига кўра танловнинг Республика босқичи ғолиблари энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақилликнинг 28 йиллиги арафасида эълон қилинади.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.09.2019 | 17:08