22 Июль 2019
5 та муҳим ташаббус амалда

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус бўйича консерватория жамоаси ва талабалари томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

2019 йил 18 июль куни Ўзбекистон давлат консерваториясининг бир гуруҳ талабалари Тошкент шаҳар 300-ихтисослаштирилган мактабда ташкил қилинган болалар оромгоҳига ташриф буюрдилар. Ташрифдан кўзланган асосий максад биринчи ташаббус бўйича болаларни санъат ва маданиятимизга қизиқтириш ҳамда уларнинг дам олиш вақтини мазмунли ташкил қилишдан иборат. Учрашув аввалида болаларга Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ҳақида батафсил маълумот берилди ва улар билан савол-жавоб ўтказилди. Сўнгра талабалар мусиқа санъати ҳақида тўхталиб, ўзига хос тадбир ташкил қилдилар. Жумладан, Оркестр чолғулари эстрада санъати факультети 4-курс битирувчи талабаси Тоҳиржон Усмонов болаларга скрипка чолғуси ҳақида сўзлаб, уларга скрипка чолғусида куй ижро этиб берган бўлса, шу факультетнинг яна бир битирувчи талабаси Шаҳбоз Эназаров ўзбек миллий эстрадаси хусусида сўзлаб, болаларга қўшиқ куйлаб берди. Бастакорлик, мусиқашунослик, фортепиано, академик хонандалик ва хор дирижёрлиги факультети 2-курс талабалари Мафтуна Жуланова, Феруза Йўлдошева ва Абдураҳмон Эсоналиевлар юртимиздаги академик хонандалик ва опера санъати ривожи ҳақида қизиқарли маълумотлар бердилар ва ўз маҳоратларини намойиш эттилар. Тадбир кўтаринки кайфиятда ўтиб, болаларда илиқ таассурот қолдирди.

Бундан аввал ҳам консерваториянинг бир гуруҳ талабалари “Фазогир” оромгоҳига ташриф буюриб, ёшларни санъат ва маданиятимизга бўлган қизиқишларини оширишга ўз ҳиссаларини қўшган эдилар.

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 23.08.2019 | 00:58