19 Июль 2019
“Санъатда жонланган маҳорат” номли кўргазма ташкил этилди

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида  2019 йил  19 июль куни “Санъатда жонланган маҳорат” номли чинни буюмлар кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда музейда сақланаётган чинни буюмлар коллекциясидан ноёб дурдоналар ҳамда Ўзбекистон Бадиий Академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ҳунарманд уюшмаси аъзоси, бронза медали совриндори, моҳир рассом  Римма Газалиеванинг шахсий асарлари намойиш этилди ва чинни буюмлар безаш жараёни бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, миллий моддий маданиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланган чиннисозлик санъатининг келиб чиқиш тарихи, ўзига хос миллий безаклари ҳамда замонавий чиннисозлик анъаналари ва Ўзбекистондаги биринчи чинни заводи тарихи ҳақида кенг оммага батафсил маълумот беришдан иборат бўлди.   

Ҳозирги кунда миллий чиннисозлик анъаналарини ўзига хос тарзда давом эттириб келаётган ижодкор Римма Газалиева асарлари кўпгина кўрик-танловлар совриндори бўлиб келмоқда. 1984 йилда Москва шаҳрида ташкил этилган бутуниттифоқ талабалари ва уларнинг диплом ишларига бағишланган кўргазмада қатнашиб, бронза медали совриндори бўлган Р.Газалиеванинг шахсий коллекциялари бутун дунё бўйича тарқалган. У яқин шарқ мамлакатлари билан доимий ҳамкорлик қилувчи Andakulova Gallеry номли бадиий галереяси билан ҳамкорлик қилиб келади.

Тадбир доирасида “Пахтагул” композициясини яратган машҳур археолог, Академик Рахимовлар сулоласи давомчиси кулол - Алишер Рахимов томонидан маърузалар ташкил этилди.

Мазкур тадбирга чет эл меҳмонлари, пойтахтимиз аҳолиси, олий ўқув юрти, коллеж ўқитувчилари, ўқувчилари ҳамда кўргазмани ёритиш учун оммавий ахборот воситалари ходимлари ташриф буюришди.

Кўргазма жорий йилнинг 19 июлидан - 25 июль кунига қадар давом этади.

10:00-11:00 гача Римма Газалиева томонидан маҳорат дарслари ўтказилади;

12:00-13:00 гача Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чинисозлик тарихи тўғрисида маърузалар ўтказилади.

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 12.12.2019 | 16:04