19 Июль 2019
Испанияда доира оҳанглари янгради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус тобора кенг қулоч ёйиб, кундан-кунга ўзининг яққол самарасини бермоқда. Хусусан, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли минг-минглаб ўғил-қизларимиз санъат ва маданиятга ошно бўлишмоқда, қўшиқ куйлаб, рақсга тушишни, соз чалишни қунт билан ўрганишмоқда.

Ушбу ташаббуснинг яна бир меваси сифатида Самарқанд шаҳридаги 3-сон ҳамда Пахтачи туманидаги 25-сон болалар мусиқа ва санъат мактабларининг бир гуруҳ ўқувчилари жорий йилнинг 7-11-июль кунлари Испаниянинг Ллорет де Мар шаҳрида бўлиб ўтган “Денгиз қуёши” Ҳалқаро мусиқа фестиваль-танловида иштирок этдилар.

24 мамлакат вакиллари таклиф этилган ушбу халқаро мусиқа фестиваль-танловида Самарқанд шаҳридаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Садозарб” доирачилар ансамбли ўзларининг маҳоратлари билан барчани ҳайратга солдилар. Ёш санъатсеварлар ижросида янграган доира зарблари тингловчилар қалбига ўзгача завқ-шавқ ва бетакрор кўтаринкилик бахш этди. Тингловчиларнинг давомли олқишларига сазовор бўлган “Садозарб” ансамблига ҳакамлар ҳайъатининг якдиллик билан қабул қилинган қарорига кўра фахрли 1-ўрин берилди ва фестивалнинг 1-даражали дипломи топширилди.

“Садозарб” доирачилар ансамбли қатнашчилари Салмон Азгаров, Санжар Нарзиқулов, Алижон Хамроқуловларнинг соз чалиш маҳорати барчада катта таассурот қолдирди.

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.10.2019 | 20:02