18 Июль 2019
ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИ ТАЛАБАСИ “БОРЖОМИ – 2019” ТАНЛОВИ ҒОЛИБИ

Жорий йилнинг 28 июнь - 11 июль кунлари Грузиянинг Боржоми шаҳрида бўлиб ўтган I Халқаро ёш классик ижрочиларнинг “Боржоми – 2019” номли танлови ҳамда VIII Халқаро фестивалида Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Махсус фортепиано” йўналиши 2-курс талабаси Махмут Абдулазизов иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.

Шунингдек, танлов жюри аъзоларининг қарорига кўра Махмут Абдулазизов “Юқори виртуоз ижроси учун”, “Артистик маҳорати учун”, “Томошабинлар олқиши” каби номинациялар билан ҳам тақдирланди.

Махмут Абдулазизов жорий йилнинг 1-8 май кунлари Анталия шаҳрида ўтказилган IX Халқаро “World of Harmony” танловида ҳам Гран-при совринини қўлга киритган эди. Боржоми шаҳрида ўтказилган VIII Халқаро фестиваль доирасида “World of Harmony” танлови ғолиби сифатида ўзининг яккахон концерти билан иштирок этиш учун таклиф этилган М.Абдулазизов фестивалнинг “Bravissimo” мукофоти билан тақдирланиб, ташкилотчилар ҳамда томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Махмут Абдулазизовни эришган ютуқлари билан табриклаймиз ва келгуси ижодига муваффақиятлар тилаб қоламиз.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.10.2019 | 20:31