12 Июль 2019
“Буюк ипак йўлида фольклор санъатининг ривожланиш жараёнлари” мавзусида илмий-ижодий конференция

Марғилонда халқаро фестиваль доирасида “Буюк ипак йўлида фольклор санъатининг ривожланиш жараёнлари” мавзусида илмий-ижодий конференция бўлиб ўтди. Анжуманни Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев кириш ва табрик сўзи билан очиб берди.

Таъкидландики, Буюк ипак йўли қадимда Яқин шарқ ва Европани Чин Мочин билан боғлади. У орқали савдо-тижорат, маданият санъат ривож топди. Сиёсий алоқалар билан бир қаторда маданиятлар алмашинувига катта ҳисса қўшди. Табиийки, миллатлар мамлакатлар ўртасидаги маданият ришталари мустаҳкамланиб, мусиқа, халқ ижодиёти, амалий санъат соҳаларида муштарак ривожланишлар рўй берди.

-Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ушбу фольлор мусиқа фестивалига ҳам халқаро мақом берилгани катта аҳамиятга эга, - деди вазир Б.Сайфуллаев. – Унинг таг замирида турли миллат вакилларини маънавий мулоқотга жалб этиш, яхлит маданий муҳитни асраш ҳамда эстетик идеаллар умумийлиги асосида халқлараро маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш асосий мақсад.

Конференция ишида фольклор санъати йўналишида илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган 50 дан ортиқ олим ва мутахассислар иштирок этмоқда.10 нафар тажрибали олимларнинг маърузаларини ўз ичига олган ялпи мажлис ҳам бўлиб ўтди. Унда Эронлик этномусиқашунос Калами Руҳуллоҳнинг “Ипак йўли мусиқаси, тинчликка йўналган тил, Буюк ипак йўли ҳодисаси”, Италиялик профессор, мусиқашунос Треглио Эрасмонинг “Маданиятлар турфа хиллиги ривожида Буюк ипак йўли ривожи ҳиссаси”, Япониядан ташриф буюрган Кйоко Иваото ( Kyoko Iwaoto) нинг “Анъанавий маданият муҳофазаси ва ривожидаги тўрт муҳим омил” каби муҳим мавзулардаги маърузалар тингланди. Конференцияда Эрон, Корея, Япония, Монголия,Россия, Туркия, Франция, Ҳиндистон ҳамда қўшни давлатлардан энг тажрибали мутахассислар иштироки унинг нуфузи юқори эканлигини кўрсатмоқда.

Конференциянинг ижодий қисмида Қирғизистон ва Тожикистондан ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда Қорақалпоғистон бахши ва жировлар, Сурхондарёлик ва Хоразмлик достон ижрочиларининг чиқишлари, катта ашула ва аския пайровлари намойиш этилди.

 

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири

Охирги янгиланиш: 12.12.2019 | 20:39