12 Июль 2019
5 та муҳим ташаббус амалда

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус юзасидан юртимизда улкан ишлар амалга оширилмокда. Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари ҳам бундай ишларга бефарқ бўлмаган ҳолда, ёшларнинг таътил вақтини мароқли ўтказиш ва уларга ўз истеъдодини намоён этишга кўмаклашиш мақсадида мусиқадан машғулотлар, ижодий учрашув ва бадиий кечалар каби тадбирларни ўтказишмоқда.

Жумладан, 2019 йил 9 июль куни консерваториянинг бир гуруҳ талабалари консерватория Касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликда “Фазогир” болалар ёзги оромгоҳига ташриф буюрдилар. Талабалар дастлаб болаларга 5та ташаббус ҳақида маълумот бердилар, сўнгра 5 ташаббус бўйича қизиқарли савол-жавоб ўтказилди. Шундан сўнг, консерваториянинг Оркестр чолғулари эстрада санъати факультети 4-курс битирувчилари Усмонов Тоҳиржон болаларга скрипка чолғуси ҳақида, Дашкинова Ирода эса ўзбек миллий эстрадаси ҳақида маълумотлар бериб, болаларга қўшиқ куйлаб бердилар. Ўзбек мусиқа ижрочилиги факультети 2-3-курс талабалари Исроилова Сарвиноз ва Тошева Маржона эса дутор чолғуси ҳақида сўзлаб, ушбу чолғуда куйлар ижро этишди.

Бастакорлик, мусиқашунослик, фортепиано, академик хонандалик ва хор дирижёрлиги факультети 1- ва 2-курс талабалари Иминова Ситора, Хожиакбарова Садоқат, Абдураимов Носиржон, Йўлдошев Бекзод, Эсоналиев Абдураҳмонлар Ўзбекистонда академик хонандалик ва опера санъати ҳақида батафсил тўхталиб, бу борада ўз ижро маҳоратларини намойиш этдилар. Талабаларимизнинг бундай тадбир ва учрашувларда фаол иштироки ёшларни санъат ва маданиятимизга бўлган қизиқишларини ошишига хизмат қилишига ишонамиз.

Охирги янгиланиш: 12.12.2019 | 20:39