12 Июль 2019
“Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалининг расмий очилиш маросими

Марғилон шаҳрида қайноқ меҳрга йўғрилган, дилбар наволар, мумтоз қўшиқлар, жозибадор рақслар анжумани –“Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, маданият вазири Б.Сайфуллаев, хорижий давлатлардан келган меҳмонлар, санъаткорлар  ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросими карнай садолари билан бошланди. Байрамга чорловчи бу куйдан сўнг саҳнага дид билан тикилган миллий либослардаги қизлар чиқиб кела бошлади. Маросимни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб, фестивалга ташриф буюрган барча фольклор жамоаларига муваффақият тилади. Шундан сўнг тадбирнинг мусиқий қисми бошланди Бухоро, Фарғона, Сурхонларё ва Андижон вилоятидан келган фольклор жамоаларининг жонли ижродаги чиқишлари ҳаммани ўзига жалб этди, томошабинларнинг кайфиятини кўтарди. Хоразм фольклори вакиллари эса шўх қўшиғи билан нафақат лол қолдирди, балки барчани рақсга чорлади. Чиндан ҳам, фестивалга келганлар бири тик турган ҳолда, бири ўтирган жойида ўйнаб, мусиқадан, қўшиқлардан чинакам завқ олди. Фольклор жамоаларидан кейин фарғоналик ижодкор — хонандаларга навбат берилди. Шўхчан куй-қўшиқларга дилрабо рақсларига уланиб кетди. 

Фарғоналик хонанда халқимизнинг қалбидан жой олган қўшиқ — “Ўртар”ни куйлай бошлаганида, саҳнага ўрнатилган катта экранда машҳур “Ўткан кунлар” фильмидан парчалар намойиш этилди. Жонли ижродаги таронанинг юракларни сел қилувчи оҳангларини Отабек ва Кумуш акс этган экран тасвирлари янада тўлдирган ва Қодирий қаламига мансуб энг гўзал муҳаббат қиссаси барчанинг ёдига тушган бўлса, не ажаб...Хонанданинг берилиб хониш қилиши хоразмча қўшиқдан кейин завқи тошган томошабинлар қалбига ажиб сокинлик ҳадя этди. 

Маросим якунида Марғилон осмони узра чарақлаган мушаклар жилоси яна барчани “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор санъати фествалига чорлади.. Бугундан фестивалнинг асосий мусобақалари ва илмий-амалий анжуман иш бошлайди.

 

 

Охирги янгиланиш: 17.07.2019 | 18:03