12 Июнь 2019
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Маданият ходими Жавлон Тошҳўжаев вафот этди

      Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Маданият ходими Жавлон Тошҳўжаев жорий йилнинг 10 июнь куни 76 ёшида вафот этди.

        Жавлон Тошҳўжаев 2002 йилдан 2008 йилга қадар Андижон вилояти мусиқали драма театрида директор вазифасида ишлаган.

У 1943 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1962 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент Давлат театр ва рассомлик институтини драма режиссёрлиги факулътетига ўқишга кириб, уни 1967 йилда муваффақиятли тамомлаган.

       У ўз меҳнат фаолиятини дастлаб 1960 йилда Тошкент шаҳридаги 82-ўрта мактабда кутубхоначи вазифасида бошлаган. 1964 йилдан 1973 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси радиосида режиссёр сифатида давом эттирди. Жавлон Тошҳўжаев 1973-1974 йилларда Қўқон мусиқали драма театрида, 1974-1975 йилларда Жиззах театрида, 1975-1978 йилларда Самарқанд вилояти театрида режиссёр бўлиб ишлади. 1978-1989 йилларда Андижон вилояти маданият ишлари бошқармасида мутахассис, 1989-1996 йилларда Андижон вилояти мусиқали драма театрида бадиий раҳбар, 1996-2000 йилларда “Ўзбекнаво” гастроль-концерт бирлашмасининг Андижон вилояти бўлимида раҳбар, 2000-2002 йилларда Андижон вилояти маданият ишлари бошқармасининг бошлиқ ўринбосари, 2002 йилдан 2008 йилга қадар Андижон вилояти мусиқали драма театрида директор вазифасида ишлади.

         Шу йиллар даврида у театр саҳнасида Собир Абдулланинг “Тохир ва Зуҳра”, Олимжон Холдорнинг “Қотил ким”, “Миркомилбой”, “Ой тутилган кечалар”, Маҳкам Андижонийнинг “Қабоҳат”, Н.Мўйдинов “Бегойим” каби кўплаб асарларни режиссёр сифатида саҳналаштириб, андижонлик санъат ихлосмандларини хушнуд этган.

       Ж.Тошхўжаев ўзини драматург сифатида ҳам элга танита олган. Унинг қаламига мансуб “Тириклигида асранг инсонни”, “Ҳазон бўлган ёшлигим”, “Хуш келибсан товуқ – Янги йил!” каби бир қатор асарлари театр саҳнасида турли режиссёрлар томонидан саҳналаштирилган.

       Унинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан юксак қадрланиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Маданият ходими унвони, “Меҳнатда ўрнак кўрсатгани учун” медали, “Мустақилликнинг бир йиллиги”, “Мустақилликнинг ўн йиллиги” нишонлари билан тақдирланган.

        Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Охирги янгиланиш: 18.06.2019 | 13:35