14 Март 2019
Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова билан дилдан суҳбат!

“АВВАЛИГА СОТТИ РОЛИНИ РАД ЭТГАНМАН”

 

Ўзбек аёли мукаммал инсон, латиф ва назокатли, меҳрибон ва оқкўнгил. У муштипар она, меҳрибон рафиқа, фидойи ҳамкасб, етук олима, малакали ходима... Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Аёлнинг таърифи олам-олам сўзларни бағрига сингдира олади. Бугунги қаҳрамонимиз гўзал таърифларга, илиқ муҳаббатга ва чексиз ҳурматга лойиқ бағрикенг инсон, профессионал актриса, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова қалб ва касб сирларини сиз билан ўртоқлашади.

Дилбар опа қачон ва қаерда туғилгансиз? Болалагингизни бир эсласангиз.

Мен асли Тошкент шаҳрининг Ўрдасиданман. 1947 йили 17 июль куни туғилганман. Болалигимдан шўх эдим, телевизор кўришни ёқтирардим, дугоналарим билан ҳам телевизордаги қаҳрамонлар ҳақида гаплашардик. Вақт қўйнида аста катта бўлдим. Санъат йўлини танлашимга онам раҳматли қарши бўлганлар. Улар бироз қаттиққўлроқ инсон эдилар. Ўша вақтларда қизларни актриса бўлиши қийин эди. Шунинг учун онам роҳатдан кўра бу қийинчиликлар тўла йўлни танлашимга қарши бўлган бўлсалар ажаб эмас. Отам эса қўллаб-қувватлаганлар.

Мактабни аъло баҳоларга битириб, аввалги Тошкент театр ва рассомчилик институтининг “Драматик театр ва кино актёрлиги” бўлимига ўқишга кирдим. Устозларим маҳоратли педагоглар Иза Исаева, Нина Тимофеева ва бошқа кўплаб инсонлардан сабоқ олдим. Учинчи курсда ўқиб юрганимда мени театрга “Бой ила хизматчи” спектаклига ролга таклиф қилишган. Иза опа мени қўллаб-қувватлаганлар. Режиссёр Анатолий Хўжаевнинг репитицияларига тинимсиз қатнаганман. Ўша вақтда Теша Мўминов, Малика Иброҳимова, Дилором Каримова театр қошидаги қўшимча актёрлик таркибига кирганмиз. Ҳатто ойлик маош ҳам олардик. Ўзбек театрининг дарға актёрлари Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурхонов, Яйра Абдуллаева каби буюкларни ижроларини кўрганмиз, ҳар гал томошаларда ҳаяжондан жўшиб кетар эдик. Катта саҳнадаги илк ролим ўша “Бой ила хизматчи” спектаклидаги ижроим бўлган. Ҳозир мана шу воқеага ҳам эллик йил бўлибди.

“Чимилдиқ” том маънодаги миллий асар бўлиб, сизнинг ижодий репертуарингиздаги омадли дебоча ҳисобланади. Мана, орадан неча йиллар ўтиб, пьеса яна қайта саҳналаштирилди. Янги талқиндан кўнглингиз тўлдими?

Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов бу спектаклни жонлантиришда момо ролига яна мени таклиф қилдилар. “Дилбархон, бу роль барибир сизники, сиздан бошқаси эплолмаса керак”, деб айтдилар. Орадан анча вақт ўтди. Инсоннинг дунёқараши, характери, фикрлаши ҳам ўзгариб, теранлашиб боравераркан. Момони биринчи ўйнаганимда оғирроқ, босиқроқ феълда чиққан бўлсам, энди шаддодроқ, хушчақчақ қиёфада ўйнашга уриндим. Ҳаётда инсон бошида катта синовлар бўлади, асарда ҳаётий синовларга аёл киши ёлғиз бардош бера олиши қийинлиги, ёнида умр йўлдоши бўлиши, никоҳнинг мустаҳкамлиги чимилдиқ остонасидан бошланиши кўрсатилади. Ҳақиқатан, халқимиз доимо томошани илиқ кутиб олишган. Спектакль неча йиллар давомида аншлаг бўлиб турди. Бош роль ижрочилари Абдурайим Абдуваҳобов, Мадина Мухторовалар билан жуда кўп ўйнаганмиз. Энди янги талқинда Нигина Анорбоева, Аваз Қодировларнинг маҳоратли ижросини кўрасиз. Асарни бадиий кенгаш ҳам жуда яхши баҳолашди, ўйлайманки, бу “Чимилдиқ” ҳам илгариси каби саноқсиз кўнгиллардан жой эгаллайди.

Сўнгги вақтларда “Ўзбекча рақс”дагидек ёрқин ижролар ижодингизда кузатилмаяпти?

“Ўзбекча рақс”ни ҳам Турғун ака менга пьесани узатиб, ўқиб кўришимни сўрадилар. Туни билан ўқиб, роса йиғлаганман. Мен бу асарни бунчалик аншлаг бўлиб кетади деб ўйламагандим. Аммо халқ мароқ билан томоша қилди, ҳали ҳамон репертуардан тушмай келмоқда.

Мазкур асарда ўзбекнинг бағрикенглиги, меҳмоннавозлиги эътироф этилган. Қаҳрамонимнинг тақдири жуда қизиқарли, она рус миллатига мансуб русийзабон қизни келин қилишни истамайди, бироқ воқеалар ривожида ҳаммаси ўзгаради. Урф-одатлар, қадриятлар ҳам тараннум этилади.

Бундай ижроларни камайиб бораётгани драматик асарларнинг тақчиллиги билан боғлиқ бўлса керак. Яхши асарларни ижодкорлар доим кутиб қолишган.

Кино санъати ҳам ижодингизда муҳим ўрин тутади. Аммо сўнгги вақтларда кўпинча эпизодик ролларда қолиб кетмоқдасиз?

Назаримда, ёш режиссёрлар бизни у қадар билишмайди. Балки профессионал сценаристлар камайиб кетгандир. Ҳозир кичкина аппаратларда ҳам, қўл телефонларда ҳам фильм олишмоқда (куйиниб гапирди). Бу дилингизни бироз ғаш қилади. Эсласам, “Келинлар қўзғолони” фильми учун ўнтагача актриса билан проба топшириб, ютиб чиққанман. Суратга олиш майдони ҳақиқий маҳорат майдони эди. Ўшанда ҳақиқий синов фурсати бўлган.

Кинонинг ривожланиши маблағ билан ҳам боғлиқ. Ҳомийлар буюртма қилишади, ижодкорлар ишлайди. Бунга ҳеч эътироз йўқ.

Тан оламан, экранда актриса сифатида катта ёшда омадим келди. Сотти роли мен учун халқнинг кўнглидан жой олишимда туртки бўлди. Мана шундай роллар бўлишини умид билан кутаман. Халқ тилида айтгандек: “бир кўришлик фильмлар”да ўйнашни истамайман.

Айнан қайси режиссёрлар билан ишлашни ёқтирасиз?

“Ёлғиз ёдгорим” картинасида режиссёр Собир Назармуҳаммедов билан мазза қилиб ишлаганман. Собир ака ҳар тарафлама маҳоратли, талабчан ижодкор, ишига файласуфона ёндашадилар. Яхши сценарий бўлса албатта фильм оладилар. “Чаёнгул” картинасида ҳам роҳатланиб ишлаганмиз. Ҳар дублда юрагим тўлиб, йиғлаб ўйнаганман. Шу вақтгача ўзбек санъатининг дарға режиссёрлари Мелис Абзалов, Шуҳрат Аббасов, Зулфиқор Мусоқовлар билан ишладим. Тан олиб айтаманки, актёрнинг бахти театрда ҳам кинода ҳам маҳоратли режиссёрлар билан ишлай олишидадир. Мен ана шундай бахтли актрисаларданман.

Сизга кўпроқ мунис она роллари ярашади. Салбий персонажларни ҳам яратгансиз. Айтинг-чи, халқ орасида ролларингизга нисбатан эътирозлар бўлганми?

Бир куни катта йўлда нотаниш киши мени тўхтатиб салом берди-да, “опажон мен прокурор бўлиб ишлайман, сизни ҳурмат қиламан. Илтимос ёмон ролларни ўйнаманг, биз сизда момо сиймосини, мушфиқ онани кўриб ўрганиб қолганмиз”, деди. Мен айтдимки, “укажон актёр роль танламайди, салбий роллар ҳам ўйнайман”, деб кулиб қўйгандим. “Ойқиз эртаги” фильмида ёш режиссёр Акбар Бектурдиев билан ишлаганман, жодугарни ролини ўйнаганман. Тўғриси, бу ижро ижодимда ўзим учун ҳам катта бурилиш бўлди.

Дилбар опа, фикрингизча, актёрни ким кўпроқ кашф қилади, режиссёрми ёки актёрми?

Режиссёр кашф қилади. Драматург фақат ёзади, олиб келади, баъзи жойларини ўзгартириши мумкин, аммо режиссёр рольни яратишда актёрга топшириқ юклайди, янги қиёфа яратади.

Масалан, “Келинлар қўзғолони” фильми учун Сотти ролига актёр излаб Мелис ака театрга келганлар. Тақдир тақозоси билан репертуардаги спектакль эмас, менинг ижроимдаги бошқа спектакль қўйилган. Натижада Мелис ака мени кўриб, фильмга таклиф қилганлар. Бу тақдир тасодифи менинг бахтим бўлди. Аввалига кинога ўтишни сира истамагандим, бироқ омад экан, экрандаги Сотти меники бўлиб қолди.

Вақт сизга қанча раҳбарларни кўрсатди. Ҳозирги театр раҳбариятидан қай даражада миннатдорсиз?

Раҳбаримиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов, ўзига яраша талабчан, фидоий инсон. Асосийси, у ҳам ижодкор, бизларни яхши тушунади. Қабулига қандай масалада кирсак, доим ҳал қилиб беради.

Вақтида кўп раҳбарлар билан ишладик, Мусабеков, Ёқуб Аҳмедов кабилар ҳам театр ривожи учун жон куйдиришган. Мен шахсан Ёқуб акадан ҳам чексиз миннатдорман. Бу саволингиз бежиз эмас, чунки жамоани ижодий гуркираб яшнашида раҳбарнинг ўрни беқиёс. Академ театримиз бу борада омадли десам янглишмайман.

Кўнглингиздаги тилакларингиз...

Халқимиз доимо асл санъат билан ошно бўлишини тилайман. Иймон, инсоф, меҳр бизларни сира тарк этмасин. Нурли манзилларда бахтиёрликда учрашиб юраверайлик!

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Охирги янгиланиш: 16.09.2019 | 19:08