ҲУРМАТЛИ ТЕАТР САНЪАТИ МУХЛИСЛАРИ!
Ўзбек театр санъати тарихи жуда қадимий ва бой анъаналарга эга. бошқа миллат ва давлатларнинг саҳна санъати тарихи билан солиштирганда профессионал театримиз ташкил топганига ҳали унчалик кўп бўлгаги йўқ. Лекин ўтган бир асрдан сал зиёдроқ вақт ичида тарих зарварақларига мухрланган юзлаб спектакллар яратилди. Театрн боқий санъатлардан ҳисобланса-да, унинг спектакллари, афсуски, ўткинчи. Ва театр санъатининг жозибаси ҳам айнан унинг жонлилигидадир. Биз ана шу ўткинчи ва айни пайтда боқий санъатнинг энг сара асарлари ҳақида туркум мақолалар бериб борамиз
ПАДАРКУШ
“Турон” труппаси маҳсулоти, 1914 йил. М.Беҳбудий асари, жанри трагедия. Режиссёр А.Асқаров. Ролларда: А.Авлоний, А.Зиёбоев, Н.Хўжаев, Э.Хоний, Н.Хўжаев, Ш.Иноятов, Ҳ.Зиёбоев, Б.Аъламов, М. Мирзахонов ва бошқалар.
Шундай қилиб, 1914 йилнинг 27 феврали ўзбек театр санъатининг туғилиш санаси сифатида тарихга муҳрланди. Шу куни Тошкентнинг Янги шаҳаридаги “Колизей” театрининг 2000 кишига мўлжалланган томошахонаси кеч соат 19.00 да томошабинлар билан лиммо-лим тўлди. Спектакль бошланишидан аввал Мунавварқори Абдурашидхонов оташин нутқ сўзлади. Тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, “Падаркуш”нинг Тошкент труппаси томонидан саҳналаштирилиши кутилгандан кўра аълороқ натижа берганини билиб олишимиз мумкин. Бундай оламшумул воқеа ўша давр матбуотининг барча газета ва журналларида ўз аксини топди ва спектаклнинг ўта юксак савияда саҳналаштирилганлиги эътироф этилди.
1911 йилдан бошлаб, дастлабки ёзма миллий саҳна асарлари яратила бошланди. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш ёки ўқимаган боланинг ҳоли”, А.Самадовнинг “Маҳрамлар”, Фитратнинг “Бир фаранги билан бухоролик бир мударриснинг қилган мунозаралари” фикримизга далилдир. Булар ичида Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси ғоятда эътиборли бўлди. Асарнинг бош ғояси маърифатни тарғиб этиш бўлиб, муаллиф ўз асари жанрини “фожиа” деб атади.
Унда бир ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлимига сабабчи бўлганлиги ифода этилади. Асарда маҳаллий халқ орасида ҳали нодонлик ва жаҳолат каби унсур, хулқ-атвор, кайфиятлар мавжудлигига урғу берилади. Драма юқорида айтганимиз муаллифнинг ўзи таъкидлаганидек, бу асар “миллий фожиа” бўлиб, уч парда, тўрт манзарали эди.
“Падаркуш” ХХ аср бошларида Туркистон халқлари ҳаётининг энг долзарб муаммолари мавзуида ёзилган бўлиб, у жадидчилик мафкурасининг дастури сифатида маърифатпарварликнинг туб сиёсий ва ижтимоий мақсадини ифодалаган.Ўқимаган боланинг жамиятнинг олға силжишига салбий таъсир кўрсатиши ҳақидаги асаргина эмас, муаллиф бу пьесада жадидларнинг Туркистондаги ижтимоий тузумга, мустамлака зулмига бўлган муносабатларини бой ва унинг ўқимаган ўғли мисолида тасвирлаган. Аммо саводсиз, оламдан хабарсиз, қуроли йўқ халқ мустамлакачиларга қарши курашолмас эди. Жадидлар ўз мақсадларига етиш учун, аввало, авом халқнинг кўзини очишлари, уни курашга отлантиришлари керак эди [М.Раҳмонов. Ҳамза. Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 2001 й. 9-10 бетлар].
Чиндан ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасида маърифатпарварларнинг ижтимоий-маърифий ғоялари ўз ифодасини топган. Асарда бойнинг “бойлик турганда илм-маърифатнинг кераги йўқ” қабилида иш тутиб, ўғли Тошмуродни такасалтанг, ношуд қилиб ўстирганлиги ҳақида сўз боради. Бой илмнинг афзаллиги ҳақида гапирган домла ҳамда тараққийпарвар зиёлини жеркиб ташлайди. Воқеалар ривожи Домла билан Зиёли фикрларининг нақадар тўғрилигини тасдиқлайди. Илм-маърифат кўчасига кирмай, ичкиликка, маишатга муккасидан кетган ўғил ўз отасининг кушандасига айланади: пьесанинг якунида ўғил шериклари билан ўз отасини тунаш учун келиб, унинг ўлимига сабабчи бўлади.
Асар у қадар катта эмас, сюжети ҳам содда, бироқ муаллиф унга теран маънони сингдира олган: маърифатдан, илм нуридан йироқ бойлар, умуман жамиятнинг охири – вой. Беҳбудий миллат болалари оми бўлиб ўсишларига йўл қўймаслик кераклиги, уларни илмга интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳақида жон куйдириб гапиради. Дунёвий илмларни диний илмлар билан бир қаторда кўриш ҳам фарз, ҳам қарз деб билади.
Пьеса оммага шу қадар таъсир қилдики, кўпчилик бойлар илм йўлида “усули жадид” мактабларини очишда маблағларини ҳам аямадилар. Бу асар бир мактаб, ибрат вазифасини ўтади: халқни огоҳликка чақирди.
“Падаркуш” 1911 йилда ёзилиб, 1913 йилда босилиб чиққанига қарамай, мунтазам театр гуруҳлари бўлмагани ва бу ишга мойиллик билдирганё шларга “масхарабоз”, “бузуқ”, “ахлоқсиз” деб қараш оқибатида анча вақтгача ўйналмади. Беҳбудий бу ҳақда куйиниб шундай деб ёзган эди: “...ўйнай турғон одам йўқ, абаски, Туркистонда бекор одам йўқки, халқ учун ишласа. Ва бекор киши йўқки, театр саҳнасига чиқиб, масхарабозлик қилса. (Чунки Туркистонда театрни масхарабозликдан айирмадилар), қачонки масхарабозлик (артистлик) хизматини зиммасига олувчи ўн киши топилса ўйналур”[“Ойина”, 1913 й., № 51].
Спектаклнинг иккинчи саҳнаси ифода воситалари ёрдамида ўта фожиали тарзда тасвирланган. Бу саҳнада бойнинг ўғли Тошмурод отасининг берган пуллари ҳар қанча кўп бўлса ҳам унинг кайфу сафосига етмагани сабабли жиноятчига айланиши ҳикоя қилинади. Қаҳвахонада пиво ичиб, маст-алас, такасалтанг ўсмирлар Тошмуродга ўз отасининг пулини ўғирлашни маслаҳат берадилар.
Қаҳвахона кўринишидан сўнг воқеалар бойнинг ҳовлисига кўчади. Бой супада хуррак отиб ухлаб ётибди. Бу ҳолатни Абдулла Авлоний жуда ишонарли ижро этади. Тошмурод - Бадриддин Аъламов уйга пусиб кириб, Тангриқулга уй эшигини очиб беради. Тангриқул ролини Шоҳ Иноятов ижро этган. У қўлида калит, ҳар эҳтимолга қарши темир асбоб ва пичоқ билан қуролланган. У аста юриб бориб, сандиқни буза бошлайди. Шу пайт бой уйқудан уйғониб, дод сола бошлайди. Қўлига таёқни олиб Тангриқулга ташланади. Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган Тошмурод билан Тангриқул олишиш жараёнида уни пичоқлаб қўядилар. Улар пулни оладилар ва Тошмурод отасини шу аҳволида ташлаб қаҳвахонага шошилади.
Ана шундай саҳнани ва кечаётган воқеаларни кўрган томошабин фарзанди томонидан ўлдирилган бойнинг аҳволига ачинмайдилар, балки бу воқеанинг сабачиси унинг ўзи эканини англаб этадилар.
Воқеалар ривожи кейинги саҳнада яна ҳам тезкор суръатда ўсиб боради. Қаҳвахона кўриниши намоён бўлиб, у ерда маишатга берилган бир тўда ўсмир ёшлар, жумладар Давлат, Нор ва улар билан нопок хатти-ҳаракатлар қилиб турган ярим яланғоч рус қизи Лизанинг шармандали аҳволи намоён бўлади. Шу пайт шошилганча Тангриқул ва Тошмурод кириб келади.Қўлларидаги тўппонча ва қонга бўялган пичоқни бир чеккага улоқтириб яна маишатни давом эттиришга киришадилар. Ичкиликбозлик, кулгу ва қийқириқлар авжига чиқади. [М.Раҳмонов. Ҳамза. Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 2001 й. 11 бет.]
Саҳна асарида бир тўда бойваччалар, қаҳвахона хўжайини Артур ва Лизанинг ўта паст, тубан кимсалар экани ёрқин очиб берилган. Ана шундай жазавага тушган тўда полиция томонидан қўлга олинади.
Асар муаллифи М.Беҳбудий ва спектакль ижодкорлари ўша даврнинг бир қатор катта муаммоларини кўтариб чиққанлар. Шулардан бири Туркистонни мустамлакага айлантирган Россиянинг таъсирида фақатгина Европа маданиятигина эмас, балки уларнинг ёмон иллатлари- ичкиликбозликнинг ҳам кириб келгани кўрсатиб берилган. Шу ўринда айтиш керакки, шу даврдан бошлаб Туркистон бозорларида ароқ, пиво ва бошқа спиртли ичимликлар савдоси ҳам кенг тус ола бошлайди. Туркистоннинг турли шаҳарларида қаҳвахоналар, пивохоналар очилиб, ёшларнинг маънавий жиҳатдан таназзулга юз тутишига сабаб бўлган эди. Бу ҳолатларга жадид маърифаипарварлари қатъий кураш олиб борганлар. Ана шундай маърифат ва маънавият масаласи Беҳбудий томонидан қаламга олинади. Иккинчиси шуки, авваллари онда-сонда паранжи ортида юз берган бўлса, энди фоҳишабозликнинг очиқчасига, намойишкорона юз бераётгани рус қизи Лиза мисолида очиб берилади.
Ўша давр матбуотига асоланган ҳолда тўла ишонч билан айтамизки, спектакль жуда катта муваффақият қозонди. “Ойина” журналининг 1914 йил 22 март сонида Фузоил Жонибоевнинг “Тошкентда миллий театр” номли мақоласи эълон қилинади. Унда актёрлар ўз ролларини муваффақиятли ижро этганлари, айниқса А.Авлоний ижросидаги бой образи тўлақонли яратилгани таъкидлаб ўтилади. Шунингдек, “Туркистон вилояти газетаси” ҳам спектаклга муносиб баҳо беради.
“Падаркуш” асарининг саҳнага қўйилиши Европа типидаги ўзбек театри туғилганининг ёрқин ва рад этиб бўлмас исботи бўлди.
АҲМАДЖОНОВА МОҲИНУР ОЛИМ ҚИЗИ
Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси
етакчи мутахассиси