12 Март 2019
Маданият вазирлиги ҳузурида янги дирекция ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали Бош дирекцияси негизида Халқаро фестиваллар дирекциясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Дирекция фаолиятининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

ўзбек санъатининг барча йўналишларида республика миқёсидаги халқаро ва республика фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш;

халқаро мусиқа фестивали ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш;

ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш ва унинг энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ҳамда уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш;

ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика фестивалларни, кўрик-танловларни оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан интернет тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш.

Белгилаб қўйилишича:

Дирекция “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали
Бош дирекциясининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Дирекция ходимларига Ўзбекистон Республикаси президентининг “Пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда республиканинг бюджет муассасалари ва ташкилотларида иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида” 1995 йил 16 августдаги ПФ-1213-сон фармонига мувофиқ бюджет муассасалари
ва ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш махсус фонди татбиқ этилади;

Дирекцияни сақлашга доир харажатларни молиялаштириш, унинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади, сақлаш харажатлари учун ушбу манбалар маблағларининг етишмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади.

Охирги янгиланиш: 22.08.2019 | 19:57