10 Январь 2019
“ЎЗБЕКИСТОН МАҚОМ МАРКАЗИ БЎЛИШИ КЕРАК”
  • Республикаси Маданият вазирлиги 2019 йилнинг дастлабки тадбирларни санъат соҳасидаги халқаро ҳамкорлик учрашувидан бошлади. Хусусан, жорий йилнинг 5-6 январь кунлари Маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг таклифига биноан, IOV-ASIA (Халқаро фольклор санъати ташкилоти) минтақавий бош котиби, IOV Корея бўлими асосчиси жаноб Мун Хюнсак юртимизга ташриф буюрди.

Мазкур учрашувни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад: ўзбек миллий санъатини ҳар томонлама ривож топиб, халқаро миқёсдаги ўрнини юксалтириш борасидаги қатор масалаларни муҳокама қилиш ҳамда давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилди.

Икки томонлама учрашув чоғида: Ўзбекистон маданияти соҳасига сармоя жалб қилиш, мамлакатимизда фаолият юритаётган “Ўзбек миллий мақом санъати маркази"ни "Халқаро мақом санъат маркази"га айлантириш, юртимизда Буюк Ипак йўли халқаро ташкилотини ташкил этиш, Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти қошида Ўзбекистон-Корея қўшма кафедрасини очиш, Кореяда бўлиб ўтадиган Халқаро ниқоб Фестивалида Ўзбекистоннинг иштирок этиш, "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалига ҳамда Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик Фестивалини ўтказишга доир масалалар масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбек мумтоз санъатининг дунё ҳамжамиятида тутган ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ўтказилган ўзаро мулоқот чоғида жаноб Мун Хюнсак ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, қуйидагиларга тўхталди:

Тарихдан маълумки, Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон азалдан маданият ва санъат ўчоғи ҳисобланган. Қолаверса, бу ўлка халқаро мақом фестивалини бошлаб берган мамлакат ҳамдир. Шунинг учун, юртингизда “Халқаро мақом санъати маркази”ни очиш керак, деб ўйлайман. Бу жараёнда барча ташкилий асослар билан бирга, мақом санъатининг келиб чиқиши тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлган веб-сайтни ишга тушириш, барча иштирокчи мамлакатларнинг мақом ижрочиларини таклиф этиб, биринчи Халқаро Санъат форумини ташкил қилиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, Шаҳрисабздаги мақом музейида барча давлатларнинг мақом санъатига оид чолғу асбоблари, китоб, расмлар ва видеоматериалларни экспозиция сифатида жойлаштириш лозим. Шунда, музей янги экспозициялар билан бойийди. Ушбу саъй-ҳаракатлар амалга оширилса, 5-7 йилдан сўнг, мамлакатингиз “Мақом маркази” сифатида эътироф этилиб, ЮНЕСКО рўйхатидан жой олади.

Музокара давомида Маданият вазири Б.Сайфуллаев ҳамда Жаноб Мун Хюнсак муҳокама этилган мавзулар юзасидан ўзаро ҳамфикр бўлишди.

Давлатимиз раҳбари ўзбек халқининг миллий санъати ва маданиятини намоён этишга алоҳида эътибор қаратаётганликлари қатор имкониятлар эшигини очмоқда, — деди Б. Сайфуллаев. — Бу эса, маданият соҳаси мутасаддиларидан ўз вазифаларига янада масъулият билан ёндошган ҳолда фаолият олиб боришларини тақозо этади.

Учрашув чоғида “Шарқ тароналари” концепциясини ўзгартириш борасида ҳам қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, мазкур фестивалда асосан ЕвроОсиё халқлари мусиқалари билан иштирок этиб келаётганлиги, биринчи навбатда, ўзбек миллий мусиқалари ижро этилиши лозимлиги қайд этилди. Шу билан бир қаторда, мазкур фестивалда Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия ва Европа давлатлари ҳам иштирок этади, бу ўзбек мусиқа санъатини дунёга янада кенгроқ танитиш имконини яратади. Бундан ташқари, Фестиваль доирасида “Шарқ тароналари” санъат кўргазмасини ташкил этиш, бу борада соҳадаги дунёнинг етакчи овоз ёзиш студиялари, тарғиботчилар, агентликлар, ҳамда сайёҳларнинг эътиборини жалб этиш муҳимлиги ҳам айтиб ўтилди.

Шунингдек, мулоқот чоғида IOV халқаро ташкилотига 100 дан ортиқ мамлакатларнинг аъзо эканлиги, Ўзбекистоннинг ҳам бу қаторга қўшилиш орқали мамлакатда ўтадиган халқаро фестиваллар ҳақида бир вақтнинг ўзида 100 дан ортиқ мамлакатда эълон бериш имкониятини қўлга киритиш мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек, интернет тармоғида юртимиздаги осори-атиқалар, тарихий обидалар ва ёдгорлик ҳақида ҳамда ўтказиладиган фестиваллар хусусида инглиз тилида маълумотлар тайёрлаб жойлаштириш зарурлиги қайд этилди. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг ўтмишдаги видеолавҳаларини дунёдаги фойдаланувчиларга юклаб олиш имкониятини яратиш ҳам қўшимча даромад, ҳам мамлакатимизга сайёҳлар оқимини оширишда муҳимлиги ҳам белгилаб қўйилди.

Шунингдек, музокара давомида ҳар икки томоннинг маданият ва санъат соҳасидаги фестивалларни ташкил этишда, давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини кенгайтириш, маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Халқаро мақом маркази” ҳамда Ўзбекистонда Буюк ипак йўли халқаро ташкилотини ташкил этиш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида муҳим саналган масалалар юзасидан келишиб олинди.

                                                                                                             Наргиза САФАРОВА

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.11.2019 | 13:13