19 Декабрь 2018
Маданият вазири Парламент олдида ҳисобот берди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг Қонунчилик палатасида Маданият вазирининг ҳисоботи эшитилди. Олий мажлисининг катта фойесида амалий санъат кўргазмаси ташкил этилди.

Депутатларимиз санъат экспонатларини томоша қилиб, ушбу кўргазмадан бахраманд бўлишди.

Кўргазмадан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев томонидан «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳақида»ги ахбороти Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларига ўқиб эшиттирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномада маданий мерос объектларини ишончли муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳамда кун тартибига киритилган масала нақадар муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатди.

Вазирнинг ахборотида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида тарихий ва маданий меросни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясида кенг қўллаш Концепциянинг асосий вазифалари сифатида кўрсатиб берилди. Ахборот катта экранда презентация билан биргаликда тақдим этилди, лўнда ва аниқ фактлар билан изоҳланган ҳисобот, барчага манзур бўлди.

Шундан сўнг Қонунчилик палатасининг Спикери Нурдинжон Мўйдинхонович томонидан савол жавобларга ўтилди.

Депутатлар маданий мерос объектларимиздаги бугунги ҳолати, уларни ўрнатилган тартибда консервациялаш, таъмирлаш ишлари билан қизиқишди, шу масала доирасида бир қатор муаммоли ҳолатларни ечимида Маданият вазирлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисидаги саволларига маданият вазиридан тўлиқ жавоблар олишди.

Илк бора Маданият вазири депутатларга таклиф билан мурожаат этди. Бахтиёр Сайфуллаев моддий маданий меросимизни асраб авайлаш, уни келгуси авлодимизга тарихий ҳолати сақланган ҳолда етказишда, депутатларнинг ўрни ҳамда уларнинг қонунлар ижросидаги фаоллигини эътироф этиб, “Депутатлар комиссияси”ни тузиш тўғрисида таклифини берди. Бундай таклиф илгари сурилмаган, шунинг учун депутталар бундай таклифни бир овоздан қўллаб қувватлашди.

 

Охирги янгиланиш: 21.11.2019 | 13:13