10 Ноябрь 2018
Вазир Қўқонда

Маданият вазири Фарғона вилояти Қўқон шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф чоғида маданий мерос объектларини кўздан кечириб, уларнинг ҳолати, шу билан бирга муаммо ва камчиликлари билан танишди. Ҳар бир маданий мерос объектида фаолият юритаётган ходимлар билан суҳбат қурди.

 

Шунингдек, вазир Қўқон адабиёт ва алломалар музейига ташриф буюрди. Биргина Қўқон адабиёт музейида ўзбек адабиётининг катта қисмини белгиловчи Қўқон адабий муҳити, ўз даврида ушбу қадимий шаҳарда ижод этган алломаларнинг бизгача етиб келган нодир қўлёзмалари, дурдона асарлари мавжуд бўлиб, уни асраб-авайлаш, ўрганиш ва уни келгуси авлодларга етказиш борасида қатор эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда унинг фондида 14 мингга яқин экспонатлар сақланиб келмоқда. “Буюк алломалар музейи” ҳам миллий қадриятларимиз, миллий маънавиятимизнинг энг ноёб бойликларини ўзида жамлаган. У давлатимиз раҳбари таклифи билан “Буюк алломалар музейи” деб номланган. Музейда ўрта асрлар, Темурийлар даври, Қўқон хонлиги ва мустамлакага қадар яшаб ижод этган алломаларимизга оид экспонатлар, асарлар, суратлар йиғилмоқда. Бу ерга ташриф буюрувчилар буюк аждодларимиз ҳаёти, босиб ўтган йўллари, ижод маҳсуллари ҳақида тўлақонли маълумот олади.

Куннинг иккинчи ярмида Бахтиёр Сайфуллаев Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида, театр ижодкорлари билан қизғин, дўстона, самимий суҳбат қурди. Театрда фаолият олиб бораётган барча ижодкор ва ходимлар бугунги замон билан ҳамнафас яшаб ижод қилишаётганини гапириб беришди. 

Барча масканларга вазирлик совғалари топширилди. 

 

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08