23 Май 2018
ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТЎҒРИСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ



Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Давлат харидлари тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 25 январда қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 29 мартда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни, шунингдек давлат буюртмачиларининг хўжалик фаолиятини рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидларига;

Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари ва бошқа давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан донор мамлакатлар, халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган чет эл ташкилотлари билан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ давлат харидлари стратегик субъектлари амалга оширадиган давлат харидларига, ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидлари бундан мустасно;

давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун амалга ошириладиган давлат харидларига, шунингдек давлат сирлари билан боғлиқ бўлган давлат харидларига;

фавқулодда вазиятлар юз берган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларига;

агар донор мамлакатларнинг, тегишли халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган чет эл ташкилотларининг тартиб-таомилларида ёки Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида чет эл кредитларини ва чет эл грантларини тақдим этиш шартларида товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг бошқача тартиби белгиланган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун амалга ошириладиган давлат харидларига;

суд муҳокамаларида иштирок этиш учун адвокат (вакил) тайинланиши билан боғлиқ давлат харидларига;

нархлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий белгиланган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2-модда. Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат буюртмачиси — давлат харидларини амалга оширувчи юридик шахс;

давлат хариди — товарларни (ишларни, хизматларни) давлат буюртмачилари томонидан пулли асосда олиш;

давлат харидларининг субъектлари — давлат буюртмачиси, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси, давлат харидларининг ижрочиси, харид комиссияси, махсус ахборот портали оператори ва эксперт;

давлат харидлари тўғрисидаги шартнома — давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат буюртмачиси ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;

махсус ахборот портали — операторнинг давлат харидлари ўтказилишини, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахборотнинг ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотнинг электрон шаклда жойлаштирилишини ва кўрилишини, шунингдек электрон давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи веб-сайти ва махсус электрон платформаси;

махсус ахборот портали оператори — давлат харидларининг субъектларига харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш, махсус ахборот порталига эълонларни, буюртманомаларни ҳамда давлат харидлари ва уларнинг якунлари тўғрисидаги бошқа ахборотни жойлаштириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи махсус ваколатли юридик шахс;

харид қилиш тартиб-таомили — давлат хариди бўйича хатти-ҳаракатлар мажмуи;

эксперт — хулоса бериш учун махсус билимларга эга бўлган жисмоний шахс;

электрон давлат харидлари — электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион каби махсус ахборот порталининг дастурий-техник комплекси орқали ахборот-коммуникация технологиялари воситасида давлат харидларини амалга ошириш усуллари;

эълон — давлат харидларини амалга ошириш усули, ушбу харидларнинг талаблари ва шартлари, таклифларни тақдим этиш муддатлари ҳамда тартиби кўрсатилган, давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига жойлаштириладиган бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги ахборот.

4-модда. Давлат харидларининг асосий принциплари

Давлат харидларининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат буюртмачисининг касбий маҳорати;

асосланганлик;

молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

тортишув ва холислик;

мутаносиблик;

давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги;

коррупцияга йўл қўймаслик.

Давлат харидларининг асосий принциплари давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.

5-модда. Давлат буюртмачисининг касбий маҳорати принципи

Давлат буюртмачисининг касбий маҳорати тегишли бўлинмалар ходимларига нисбатан соҳа бўйича маълумоти бўлиши, малакасини мунтазам равишда ошириши ҳамда босқичма-босқич амалий тажрибага эга бўлиб бориши тўғрисида талаблар белгилаш йўли билан таъминланади.

Давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахсни белгилаши шарт.

Манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс бажариладиган вазифалардан четлаштирилиши лозим.

6-модда. Асосланганлик принципи

Давлат харидлари давлат буюртмачисининг ўз олдида турган вазифаларни ҳал этишни таъминлайдиган ҳақиқий талаблари ва эҳтиёжларини самарали қаноатлантириш учун давлат харидларини ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлиги, товарни (ишни, хизматни) танлашнинг, унинг истеъмол хусусиятларининг (тавсифининг), сифат кўрсаткичлари ва қийматининг асосланганлиги ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.

7-модда. Молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги принципи

Давлат харидлари:

давлат буюртмачисининг давлат харидларини ўтказиш харажатларини ва товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қийматини ҳисобга олиш;

давлат харидлари учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан товарларни (ишларни, хизматларни) олишдан кўрилган наф, уларнинг сифати ва қиймати ўртасидаги мақбул нисбатни (фойдаланиш даври харажатларини ҳисобга олган ҳолда) таъминлаш;

давлат харидларини мақбул муддатларда ўтказиш имконини берадиган оқилона ва тежамкор усулда амалга оширилиши керак.

8-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

Давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлиги:

тегишли давлат органларига, давлат харидлари субъектларига ва жамоатчиликка давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ, ўз вақтида, эркин ва бепул фойдаланиш имкониятини таъминлаган ҳолда уни махсус ахборот порталига жойлаштириш, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

харид қилиш тартиб-таомилларига доир ҳужжатларни ва ҳисоботларни тузиш ҳамда бут сақлашни таъминлаш орқали амалга оширилади.

9-модда. Тортишув ва холислик принципи

Давлат харидларидаги тортишув харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ўртасида тортишув, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқишда ҳамда холис ва асосли мезонлар асосида энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилишда беғаразлик ва шаффофлик механизмларидан фойдаланиш ҳисобидан қўллаб-қувватланади.

Давлат харидларининг холислиги харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқишдаги ва энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилишдаги беғаразликни назарда тутади.

Давлат харидларининг холислиги:

харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларига тенг имкониятларни таъминлашга;

давлат харидлари субъектлари ўртасида рақобатни ва уларга нисбатан беғаразликни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишга;

давлат харидлари жараёнида шикоятлар, низолар ва келишмовчиликларни кўриб чиқишнинг ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўришнинг очиқ, ошкора ва тортишув механизмларига асосланади.

10-модда. Мутаносиблик принципи

Давлат харидларида мутаносиблик:

давлат харидларини амалга ошириш усулининг товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавф-хатарига, қийматига, хусусиятига ва мураккаблигига;

талабларнинг харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари малакасига оид маълумотларга, таклифларни баҳолаш мезонлари ва усулларининг товарларга (ишларга, хизматларга);

давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги уларнинг ўз вазифаларига мослиги билан таъминланади.

11-модда. Давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги принципи

Давлат харидлари мақсадлар, принциплар ва ёндашувларнинг ягоналигига, давлат харидлари жараёни барча босқичларининг яхлитлиги ва ўзаро алоқадорлигига ҳамда давлат харидлари барча субъектларининг ҳамкорлигига асосланади.

Давлат харидларининг ягоналиги ва яхлитлиги:

давлат харидларини тартибга солувчи ягона ва яхлит норматив-ҳуқуқий база ҳамда уни бир хилда қўллаш;

давлат харидларининг давлат харидлари тўғрисидаги барча ахборотни тўплаш, унга ишлов бериш ва уни таҳлил қилишни ҳамда барча манфаатдор шахсларга ундан фойдаланишни таъминлайдиган ягона, яхлит ва комплекс ахборот тизими мавжудлиги;

давлат харидларини амалга ошириш механизмлари, тартиб-таомиллари ва усулларини бирхиллаштириш;

давлат харидларига оид ҳужжатларни бирхиллаштириш;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификаторини жорий этиш;

давлат харидларини режалаштириш ва амалга оширишни, давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) тузиш ва ижро этишни, мониторингни ва назоратни амалга оширишни, низолар ҳамда келишмовчиликлар устидан шикоят қилиш ва уларни кўриб чиқишни, давлат харидлари субъектларининг касбий маҳорати даражасини ва масъулиятини оширишни ташкил этиш имконини берадиган ягона инфратузилманинг мавжудлиги билан таъминланади.

12-модда. Коррупцияга йўл қўймаслик принципи

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга доир талаблар давлат харидлари соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги керак. Бунда коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар устувор бўлади.

2-боб. Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

13-модда. Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсадлари

Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсадлари:

давлатнинг стратегик мақсадлари ва вазифаларига эришиш;

ривожлантириш давлат дастурларини ижро этиш;

давлатнинг ижтимоий вазифаларини бажариш;

давлат хизматлари кўрсатиш;

бюджет ташкилотларининг, бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини таъминлаш учун давлат харидлари субъектларига қулай муҳитни шакллантиришдан, шунингдек давлат харидларини амалга оширишда коррупцияга ва қонун ҳужжатларининг бошқача бузилишларига қарши курашишдан иборат.

Давлат харидларини амалга оширишда ижтимоий-иқтисодий сиёсат устуворликлари, шу жумладан юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришларнинг яратилиши, қулай экологик вазиятнинг сақланиши ҳисобга олинади.

14-модда. Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) давлат харидлари соҳасидаги ваколатли органдир.

Ваколатли орган давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширади.

Ваколатли орган:

давлат харидлари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тизимини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш бўйича чоралар кўради;

махсус ахборот порталининг операторини ва унинг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти қоидаларини белгилайди;

таклифни баҳолаш ва таққослаш усулларини ҳамда мезонларини, шунингдек давлат харидларини амалга ошириш усулини танлаш тартибини ва уларнинг тартиб-таомилини белгилайди;

иқтисодий жиҳатдан энг фойдали таклифни баҳолаш усулини қўллаш тартибини (баҳол

Охирги янгиланиш: 21.10.2019 | 20:31