22 Февраль 2018
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 августдаги 572-сон қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ МАДАНИЯТИ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 31-сон, 782-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг устави иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.

3. Марказ бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети билан биргаликда хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мазкур йўналишда фаолият юритаётган хориждаги марказлар тажрибасини чуқур ўрганиш асосида Марказнинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети билан биргаликда Марказга юқори малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда Марказни сақлаб туришга зарур маблағларни назарда тутсин;

Марказга 2 та автотранспорт воситасига, шу жумладан 1 та енгил хизмат ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасига лимит ажратсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг директори Ш.Ш. Миноваров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.О. Юсупов ва Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 2 август,

572-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 августдаги 572-сонқарорига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази

УСТАВИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарорига асосан ташкил этилган.

2. Марказ ўзининг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.

3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.

4. Марказ ўз фаолиятини қонунийлик, ошкоралик, коллегиаллик ҳамда жамоат фикрини ҳисобга олиш принциплари асосида юритади.

5. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида талаб қилиб олинадиган чет эл валютасидаги депозит ҳисоб рақамларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.

6. Марказнинг тўлиқ номи:

давлат (ўзбек) тилида — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази;

рус тилида — Центр исламской культуры в Узбекистане при Кабинете Министров Республики Узбекистан;

инглиз тилида — Center of Islamic Culture in Uzbekistan under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;

араб тилидаمركز الثقافة الإسلامية بأوزبكستان لدى مجلس وزراء جمهورية أوزبكستان .

7. Марказда иш юритиш давлат тилида олиб борилади. Марказ рус, инглиз ва араб тилларида ҳам иш юритиши мумкин.

8. Марказнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уй, 100002.

2-боб. Марказнинг асосий мақсади ва вазифалари

9. Марказ фаолиятининг асосий мақсади эътиқоди ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборат.

10.Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш;

Марказ таркибидаги музей экспозициясининг мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва уни энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиш;

ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз - Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш;

жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш;

ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданияти, давлатчилик анъаналари, халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожланганини Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Кеш, Насаф, Термиз, Андижон, Марғилон, Кармана, Қўқон сингари қадимий шаҳарларимиз, улуғ алломалар ва азиз-авлиёлар хотирасига бағишлаб юртимизда бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар макетлари, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, моддий ва номоддий мерос, хусусан, «Шашмақом» намуналари каби ноёб экспонатлар орқали акс эттириш, шу йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижалари асосида қомуслар, каталог ва альбомлар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрлаш;

Марказда, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва уларнинг натижаларидан юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиб бориш;

Европа Ренессансининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган Мусулмон Ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморлик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар павильонларини ташкил этиш орқали Марказда намойиш этиладиган экспозицияларни мазкур даврларга оид экспонат ва кўргазмали манбалар билан бойитиш;

жаҳон тарихида «Амир Темур ва темурийлар ренессанси» деган ном билан алоҳида ўрин эгаллайдиган даврда яратилган илм-фан, маданият ва меъморлик дурдоналарини ислом маданиятининг нафақат юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги тараққиёт ва юксалиш даври сифатида кўрсатиш;

бугунги кунда тобора катта аҳамият касб этаётган динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг жаҳондаги нуфузи халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

3-боб. Марказнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

11. Марказ ўзига юклатилган асосий вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича маълумотларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ва ўз ваколатлари доирасида хорижий ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш;

жаҳондаги нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий, диний-маънавий қадриятларни тадқиқ этиш йўналишидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам бериш, илмий-тадқиқот ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар бериш асосида семинар-тренинглар ўтказиш;

ислом дини ва маданиятига ҳисса қўшган юртимиз мутафаккирларининг фаолиятини ўрганиш бўйича илмий ва эксперт ишларини амалга ошириш, долзарб масалаларни ишлаб чиқиш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан чет эллардан юқори малакали мутахассисларни шартнома асосида ишга таклиф этиш;

Марказнинг бюджетдан ташқари маблағларини Марказ томонидан ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишга йўналтириш;

ижтимоий ташаббуслар билан чиқиш ва ушбу масалада тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

Охирги янгиланиш: 21.10.2019 | 20:31