21 Февраль 2018
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 августдаги 678-сон қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

«ЎЗБЕККОНЦЕРТ» ДАВЛАТ МУАССАСАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 35-сон, 930-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 15 февралдаги ПФ-4956-сон Фармонига мувофиқ «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг самарали фаолиятини таъминлаш, ўзбек миллий мусиқа, академик, эстрада ижрочилиги ҳамда миллий рақс ва хореография ижрочилик санъатини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

«Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг марказий аппарати бошқарув ходимлари чекланган сони 25 нафардан иборат тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

«Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимларининг намунавий тузилмаси 2-иловагамувофиқ;

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси тўғрисидаги устав 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирига, зарур ҳолларда, «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг марказий аппарати тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. Қуйидагилар «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатимизда концерт-томоша ва гастроль фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш;

концерт-томоша ва гастроль фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

ёш ва иқтидорли ижрочиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, бадиий юксак мусиқа асарлари, қўшиқлар ва видеоклипларнинг яратишни таъминлаш ва рағбатлантириш;

миллий рақс ва хореография, опера санъати, ансамбль ва оркестрларнинг ўзбек миллий маданияти тараққиётидаги ўрнини янада ошириш, уларнинг ғоявий-бадиий йўналишларини миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунликда ривожлантириш;

мамлакатимиз ҳудудида ва унинг ташқарисида гастроль-концерт фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ва «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳамда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгашига ҳисобот беради;

«Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси томонидан берилган концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар ва концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатномалар тегишли равишда ушбу лицензиялар ва рухсатномалар берилган муддатгача амал қилади ва қайта расмийлаштирилиши талаб этилмайди;

«Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг марказий аппарати фаолияти Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бўлимларининг фаолияти концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси учун ўрнатилган алоқа воситаларини, шу жумладан Ҳукумат алоқа воситаларини «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ихтиёрида сақлаб қолсин.

5. «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг марказий аппарати Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 2-уйда жойлаштирилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва туризмни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 28 август,

678-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 августдаги 678-сонқарорига 
1-ИЛОВА

«Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг марказий аппарати

ТУЗИЛМАСИ

http://lex.uz/Pages/GetPDF.aspx?file=3325231

Ходимларнинг умумий сони 25 нафар.

Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сони қонунчиликда белгиланган меъёрларга мувофиқ белгиланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 августдаги 678-сонқарорига 
2-ИЛОВА

«Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бўлимларининг

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

http://lex.uz/Pages/GetPDF.aspx?file=3325234

Ходимларнинг умумий сони 4 нафар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 августдаги 678-сонқарорига 
3-ИЛОВА

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси тўғрисида

УСТАВ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Устав «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси мамлакатимизда концерт-томоша фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, шу жумладан миллий эстрада, опера, миллий рақс ва хореография санъатини, оркестрларни, гастроль-концерт фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш ва мувофиқлаштиришга доир ташкилий-ижодий ишларни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги давлат муассасаси ҳисобланади.

3. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

4. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгашига ҳисобот беради.

5. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири, давлат тилида ўз номи туширилган муҳрга ва ўз бланкаларига, мустақил балансига, банк муассасаларида миллий ва хорижий валютада ҳисоб рақамига эга бўлади.

6. «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 2-уй, 100011.

2-боб. «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг асосий вазифалари ва функциялари

7. Қуйидагилар «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатимизда концерт-томоша ва гастроль фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш;

концерт-томоша ва гастроль фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

ёш ва иқтидорли ижрочиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, бадиий юксак мусиқа асарлари, қўшиқлар ва видеоклипларнинг яратишни таъминлаш ва рағбатлантириш;

миллий рақс ва хореография санъатининг, опера ва оркестрларнинг ўзбек миллий маданияти тараққиётидаги ўрнини янада ошириш, уларнинг ғоявий-бадиий йўналишларини миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунликда ривожлантириш;

мамлакатимиз ҳудудида ва унинг ташқарисида гастроль-концерт фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш.

8. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) мамлакатимизда концерт-томоша ва гастроль фаолияти борасида ягона давлат сиёсатини юритиш соҳасида:

эстрада, миллий рақс ва хореография санъатининг аҳоли кенг қатламларини, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдаги ўрнини оширади;

эстрада, миллий рақс ва хореография санъати, опера ва оркестр ижрочилиги орқали ёшлар қалби ва онгида миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғуларини шакллантиради, маънавий таҳдидлар, шу жумладан «оммавий маданият», радикализм ва диний экстремизм каби ғоявий таҳдидларга қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлайди;

аҳолининг муттасил ортиб бораётган интеллектуал, маданий эҳтиёжларни қондиришга, ёшларни юқори савиядаги миллий ва хорижий эстетик намуналар асосида тарбиялашга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирлар, концертлар ва гастролларни тизимли ташкил этади;

лицензиатлар томонидан муаллифлик ҳуқуқига оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши мониторингини юритади ва бу борада ваколатли органлар билан ҳамкорликда иш олиб боради.

б) концерт-томоша ва гастроль фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш соҳасида:

Охирги янгиланиш: 23.08.2019 | 00:58